s
USD: Rub: Eur:
2026-06-09 787

Кредит олишда нималарга этибор қаратиш керак

Ҳозирги кунда, судларда кредит шартномаси билан боғлиқ низолар, хусусан кредит қарзни ундириш ҳақидаги ишлар сони ошиб бормоқда.

Қонун ҳужжатларининг мазмунига кўра, кредит шартномаси бўйича банк ёки бошқа кредит ташкилоти қарз олувчига шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.

Кредит шартномаси ёзма шаклда тузилади ва барча шартлар шартнома билан белгиланади.

Банклар томонидан кредит ажратишда қўшимча таъминот сўралиши мумкин бўлиб, ҳозирги вақтда мулкни гаровга қўйиш ва қарз ундирувини гаров мулкларга қаратиш юзасидан судларда кўплаб низолар кўриб чиқилмоқда.

Шу масала бўйича қонунчиликда қандай қоидалар белгиланганлиги ҳақида қисқача тўхталсак.

Аввало қонун бўйича ҳар қандай ҳақиқий мажбурият гаров билан таъминланиши мумкин. Фуқаролик муомаласидан чиқарилмаган, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратилишига йўл қўйиладиган ҳар қандай мол-мулк (корхона, бино, иншоот, жиҳоз, бошқа ишлаб чиқариш жамламалари, қимматбаҳо қоғозлар, пул маблағлари, мулкий ҳуқуқлар ва ҳоказо) гаров нарсаси бўлиши мумкин.

Қарздорнинг ўзи ҳам, учинчи шахс ҳам гаровга қўювчи бўлиши мумкин.

Кредит ташкилоти ва гаровга қўювчи гаров шартномаси алоҳида ҳужжат шаклида тузилиши эга ёки кредит шартномасига таркибий қисм бўлиб кириши мумкин.

Шуни назарда тутиш керакки, гаровга қўювчининг оператив бошқариш ҳуқуқида бўлган мол-мулк (кўчар ва кўчмас) фақат мулкдорнинг розилиги билан кредиторга (гаровга олувчига) гаровга берилиши мумкин.

Қонун ҳужжатларининг гаров шартномасига нисбатан қўйиладиган талабларига тарафлар томонидан риоя этилмаслиги манфаатдор тарафнинг даъвоси бўйича унинг ҳақиқий эмас деб топилишига олиб келади ва кредит шартномасидаги мажбуриятлар бўйича гаров нарсасига ундирувни қаратишга йўл қўймайди.

Гаров тўғрисидаги шартномада гаровга қўйилган мол-мулкнинг хусусий аломатлари ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлмаса, бундай шартнома тузилган деб ҳисобланиши мумкин эмас.

Кўчмас мулк, кўчар мол-мулк ёки мол-мулкка бўлган ҳуқуқлар гарови билан боғлиқ низолар судларда кўрилаётганда бундай ипотека ва гаров шартномаси гаров билан таъминланадиган шартнома Фуқаролик кодекси271-моддасининг бешинчи қисмига мувофиқ нотариал шаклда тузилиши шарт бўлган ҳоллардагина нотариал тасдиқланиши, бундан бирламчи бозордан кўчмас мулк ва транспорт воситаларини олиш чоғидаги ипотека ва гаров тўғрисидаги шартномалар мустасно эканлигиинобатга олинади.

Ипотека тўғрисидаги шартнома тегишли мол-мулк ҳақида тузиладиган битимларни рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган тартибда Фуқаролик кодексининг 271-моддаси олтинчи қисми, «Ипотека тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддасига асосан рўйхатдан ўтказилиши керак.

Шунингдек, гаров мажбуриятлари билан боғлиқ низоларни ҳал этишда гаров бўйича муносабатлар гаров тўғрисидаги шартнома тузилган пайтдан, шартнома рўйхатдан ўтказилиши шарт бўлган ҳолларда эса — у рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келишини ҳисобга олинади.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ гаровга олувчининг талабини гаровга қўйилган кўчмас мол-мулк ҳисобидан судга мурожаат қилмасдан қондиришга, агар бу гаров тўғрисидаги шартномада назарда тутилган бўлса ёхуд ундирувни гаров нарсасига қаратиш учун асослар вужудга келганидан кейин гаровга олувчининг гаровга қўювчи билан тузилган, нотариал тартибда тасдиқланган келишуви асосида йўл қўйилади.

Ундирувни гаров нарсасига суд тартибида қаратишда суднинг қарорида гаровдаги мол-мулкнинг номи, жойлашган жойи кўрсатилади.

 

А.Рахимов, фуқаролик ишлари бўйича Шовот

туманлараро судининг раиси

Мавзуга оид