s
Жиноят процессида эҳтиёт чораларини қўллашда асосий принциплардан бири — мутаносиблик принципи ҳисобланади. Ушбу принципга кўра, гумон қилинувчи ёки айбланувчига нисбатан қўлланиладиган эҳтиёт чораси содир этилган жиноятнинг оғирлик даражаси, шахснинг шахсияти, унинг процессуал хулқ-атвори ҳамда ишнинг бошқа ҳолатларига мутаносиб бўлиши лозим. Акс ҳолда шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари асоссиз равишда чекланиши мумкин.
2025 йил 27 июнь куни Хоразм вилояти жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг тергов судьяси раислигида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “в” банди ва 277-моддаси 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланувчи Б.Кга нисбатан прокурор томонидан киритилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимоснома кўриб чиқилди.
Дастлабки тергов материалларига кўра, К.Бабанязов 2025 йил 28 май куни Урганч шаҳар марказий деҳқон бозорининг автотураргоҳида назоратчи А.Ахмедов билан жанжаллашиб, уни ҳақорат қилган, автоматлаштирилган сунъий тўсиқни синдирган, назорат пункти эшигининг ойнасини шикастлаган ва ушбу ҳаракатлари натижасида бозор манфаатларига жами 22 млн 750 минг сўм миқдорда моддий зарар етказган. Шунингдек, у синган тўсиқ қисмидан фойдаланиб, назоратчига енгил тан жароҳати етказгани қайд этилган.
Бундан ташқари, айбланувчи жамоат тартибини таъминлаш мақсадида воқеа жойига келган Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг безорилик ҳаракатларини тўхтатиш ҳақидаги қонуний талабларига бўйсунмасдан қаршилик кўрсатганлиги ҳам тергов материалларида кўрсатилган.
Прокурор илтимосномасида айбланувчи озодликда қолса, терговдан яшириниши, гувоҳларга таъсир ўтказиши ёки иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиши мумкинлиги сабабли унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашни сўраган.
Бироқ, суд иш материалларини ўрганиб чиқиб, қуйидаги ҳолатларни инобатга олган:
Шу сабабли суд Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 236 ва 243-моддалари талабларига асосан прокурор илтимосномасини рад этиб, К.Бабанязовни суд залидан озод қилган.
Бироқ, ушбу ажрим устидан прокурор томонидан киритилган апелляция протестини кўриб чиққан апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция суди қарорини бекор қилиб, К.Бабанязовга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаган.
Кейинчалик мазкур жиноят иши 2025 йил 3 сентябрь куни судда мазмунан кўриб чиқилиб, айбланувчининг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “в” банди билан тўғри квалификация қилингани, бироқ 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан қўйилган айбда жиноят таркиби мавжуд эмаслиги аниқланди. Шу муносабат билан судланувчи ушбу қисм бўйича оқланди.
Натижада суд унга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 80 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади. Шу билан бирга, у қамоқда ўтказган 68 кун ҳисобга олиниб, жарима миқдори тегишли тартибда камайтирилди ва унга 17 млн 250 минг сўм жарима жазоси қолдирилди.
Мазкур ҳолат амалиётда эҳтиёт чораларини қўллашда мутаносиблик принципига доимо риоя этиш зарурлигини кўрсатади. Чунки ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар бўйича шахсга нисбатан қамоққа олиш каби энг қатъий эҳтиёт чорасини қўллаш ҳар доим ҳам асосли бўлавермайди.
Хулоса қилиб айтганда, жиноят-процессуал қонунчиликка мувофиқ, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш фақатгина истисно ҳолатларда, етарли ва ишончли далиллар мавжуд бўлган тақдирдагина амалга оширилиши лозим.
Бу эса шахс эркинлиги ва одил судлов тамойилларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Элёрбек Бобажонов, Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг тергов судьяси.
Бунёд Якубов, Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг судьяси.