s
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, айниқса
аёллар ва болалар манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор
йўналишларидан бирига айланди. Бу борада қабул қилинаётган қонунлар ва
қарорлар жамиятда адолатли муҳитни шакллантириш, оила институтини
мустаҳкамлаш ҳамда ҳар қандай зўравонликка қарши муросасиз муносабатни қарор
топтиришга хизмат қилмоқда.
2026 йил 3 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аёллар ва
болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва
зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий
чоралар тўғрисида”ги ПФ–33-сон Фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжат аёллар ва
болаларнинг ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилиш, эрта никоҳлар ва маиший
зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек давлат органлари фаолиятини
мувофиқлаштиришга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.
Фармонда белгиланган асосий мақсадлардан бири — никоҳ ёшига етмаган
шахслар билан никоҳ муносабатларига киришиш ҳолатларининг олдини олишдир.
Эрта никоҳлар кўп ҳолларда ёшларнинг таълим олиш имкониятини чеклайди,
уларнинг ижтимоий ҳаёти ва соғлиғига салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли ота
оналарнинг ўз фарзандлари олдидаги масъулиятини ошириш ва жамиятда бу каби
ҳолатларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш муҳим вазифа сифатида
белгиланган.
Шунингдек, ёшлар ўртасида онгли равишда оила қуришни рағбатлантириш
мақсадида 2027 йилдан бошлаб ҳар икки томон ҳам 21 ёшга тўлганда биринчи марта
никоҳдан ўтган ёш оилаларга қўшимча имтиёзлар тақдим этилиши белгиланди. Агар
бундай оилалар Ижтимоий реестрга киритилса, уларга ажратиладиган субсидия,
грант ва ссудалар миқдори белгиланган меъёрга нисбатан 1,5 бараварга оширилган
ҳолда берилади. Бундан ташқари, никоҳ шартномаси тузган ёшлар никоҳни қайд
этганлик учун давлат божини тўлашдан озод этилади.
Фармонда таълим соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан,
ҳомиладор талаба-қизлар ёки уч ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан
шуғулланаётган талабалар учун “иккинчи имконият” яратилиши назарда тутилган.
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб бундай талабаларга фанлар фарқини қайта
ўзлаштириш шарти билан таълимни давом эттириш имконияти берилади. Бу эса ёш
оналарнинг таълимдан узилиб қолмаслигига хизмат қилади.
Фармонда эрта никоҳ ва вояга етмаганлар ҳомиладорлиги билан боғлиқ
ҳолатларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш учун идоралараро
ҳамкорликни кучайтириш ҳам назарда тутилган. Маҳалла, ФҲДЁ органлари, таълим
ва тиббиёт муассасалари ҳамда диний ташкилотлар вакиллари 16 ёшгача бўлган эрта
никоҳ ёки ҳомиладорлик ҳолатлари ҳақида ички ишлар органлари ва “Инсон”
ижтимоий хизматлар марказларини хабардор қилиши шарт этиб белгиланмоқда.
Бундай ҳолатлар ҳақида хабар бермаслик эса маъмурий жавобгарликка сабаб
бўлади.
Яна бир муҳим янгилик — рақамли технологиялардан фойдаланиш орқали
зўравонликка қарши курашни кучайтиришдир. 2026 йил 1 апрелдан бошлаб ҳимоя
ордери олган жабрланувчи хотин-қизларнинг телефон ва бошқа қурилмаларига
“SOS” чақирув функциясига эга махсус мобил илова ўрнатилади. Бу зўравонлик
ҳолати юз берганда тезкор равишда ёрдам чақириш имконини беради.
Шу билан бирга, аёллар ва болаларга нисбатан содир этилган жиноятлар
бўйича жавобгарлик ҳам кучайтирилмоқда. Хусусан, вояга етмаганларга нисбатан
жинсий эркинликка қарши жиноятлар содир этган шахслар учун жазо чоралари
оғирлаштирилиши, айрим ҳолатларда умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини
қўллаш таклиф этилмоқда. Бу эса жамиятда бундай жиноятларга нисбатан муросасиз
муносабатни янада кучайтиришга хизмат қилади.
2027 йилдан бошлаб аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик
билан боғлиқ жиноят ишлари, қоида тариқасида, махсус тайёргарликдан ўтган
терговчилар ва судьялар томонидан кўриб чиқилиши белгиланган. Бу эса ишларнинг
сифатли ва адолатли кўриб чиқилишига хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур Фармон мамлакатимизда аёллар ва болалар
ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янги босқичга олиб чиқади.
Эрта никоҳларнинг олдини олиш, оилавий муносабатларда ҳурмат ва
масъулиятни кучайтириш, зўравонликка қарши қатъий курашиш орқали жамиятда
соғлом ва барқарор муҳитни шакллантиришга хизмат қилади. Бу эса келажак
авлоднинг фаровон ҳаётини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири
ҳисобланади.
Хоразм вилояти маъмурий судининг раиси
Ж.М.Султанова