s
USD: Rub: Eur:
2026-06-09 584

Мерос қолдириш ва меросни расмийлаштириш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланиши белгиланган.
Мерос ҳуқуқига оид асосий қоидалар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида белгиланган.
Мазкур Кодексга кўра, мерос таркибига мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчар ва кўчмас мулк, ашёлар жумладан, хусусий мулк ҳуқуқи, кредит муассасаларида сақланаётган омонатларга бўлган ҳуқуқ, деҳқон хўжалиги ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи ва бошқалар киради.
Қонунга кўра, мерос таркибига мерос қолдирувчининг шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлган қуйидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар кирмайди:
юридик шахс ҳисобланган тижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларга аъзолик, уларда иштирок этиш ҳуқуқлари, агар қонун ёки шартномада бошқа ҳол белгиланган бўлмаса;
ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарар учун товон ундириш ҳуқуқи;
алимент мажбуриятлари туфайли юзага келган ҳуқуқлар ва мажбуриятлар;
меҳнат ва ижтимоий таъминот тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асосида пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар олиш ҳуқуқи;
мулкий ҳуқуқлар билан боғлиқ бўлмаган шахсий номулкий ҳуқуқлар.
Мерос таркибига фақат мерос қолдирувчига қонуний асосларда тегишли бўлган мулк кириши туфайли, ўзбошимчалик билан қурилган ёки тегишли тарзда расмийлаштирилмаган иморатлар мерос таркибига фақат марҳумнинг мазкур иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқи белгиланган тартибда эътироф этилган ҳолда киритилади.
Биргаликдаги умумий мулк иштирокчиси вафот этган тақдирда мерос унинг ҳиссасига тўғри келадиган умумий мол-мулкка нисбатан, мол-мулкни натура ҳолида бўлишнинг иложи бўлмаганда эса, бундай улушнинг қийматига нисбатан очилади.
Қонунга (Фуқаролик кодексининг 1112-моддаси)га асосан мерос қолдириш ва уни расмийлаштириш икки хил усулда амалга оширилади: васиятнома бўйича ёки қонун бўйича. 
Аввало васиятнома тўғрисида тўхталсак.
Фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф қилинади.
Васиятнома ёзилган жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши ва нотариал тасдиқланиши лозим. 
Қонунга биноан васият қилувчи ўз мулкини ҳар қандай шахс (ёки бир неча шахсларга), юридик шахсларга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ёки давлатга васият қилиши, шунингдек ўзининг қонун бўйича меросхўрларини меросдан маҳрум қилиши мумкин. 
Васиятнома ва унинг асосида берилган меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома фақат суднинг ҳал қилув қарори билан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. 
Агар васиятнома бўлмаса, мерос қонунда белгиланган навбат бўйича тақсимланади.
Мерос қолдирувчининг болалари, эри (хотини) ва ота-онаси тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.
Мерос қолдирувчининг туғишган ҳамда она (ота) бир ота (она) бошқа ака-укалари ва опа-сингиллари, шунингдек унинг ҳам ота, ҳам она тарафдан бобоси ва бувиси тенг улушларда қонун бўйича иккинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.
Мерос қолдирувчининг туғишган амакиси, тоғаси, аммаси ва холаси тенг улушларда қонун бўйича учинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.
Меросни расмийлаштириш учун мерос қолдирувчи шахс вафот этган кундан бошлаб олти ой ичида нотариусга мурожаат қилиш мумкин.
Қонунга мувофиқ, меросхўрлар ўртасида меросни тақсимлаш, ундан улуш ажратиш тўғрисида келишувга эришилмаган тақдирда, тақсимот улардан исталган бирининг талаби бўйича суд тартибида амалга оширилади.

А.Рахимов, фуқаролик ишлари бўйича 
 Шовот туманлараро судининг раиси                     

Мавзуга оид