s
Бугунги кунда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳар бир демократик давлат тараққиётининг асосий мезонларидан бири ҳисобланади. Айниқса, жамиятнинг энг ҳимояга муҳтож қатлами бўлган аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, уларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан асраш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Шу нуқтаи назардан, 2026 йил 3 мартда қабул қилинган «Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида»ги Президент фармони бу борадаги ишларни янада тизимли ва самарали ташкил этишга хизмат қилмоқда.
Мазкур ҳужжат жамиятда инсон қадрини улуғлаш, оила институтини мустаҳкамлаш ва ёш авлодни соғлом муҳитда тарбиялашга қаратилган муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Чунки аёллар ва болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилинган жамиятдагина барқарор тараққиёт таъминланади.
Фармонда алоҳида эътибор қаратилган масалалардан бири — никоҳ ёшига етмаган шахслар билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш ҳолатларининг олдини олишдир. Бу борада ота-оналарнинг фарзандлари тақдири учун масъулиятини ошириш, ёшларни эса оила қуришга масъулият билан ёндашишга ундаш каби вазифалар белгиланган.
Афсуски, айрим ҳолатларда эрта никоҳ ҳолатлари учраб туриши жамиятда ушбу муаммо ҳануз долзарблигини йўқотмаганини кўрсатади. Эрта никоҳ ёшларнинг таълим олиши, касб эгаллаши ва мустақил ҳаёт қуришига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис бу масалага давлат ва жамият томонидан алоҳида эътибор қаратилиши зарур.
Фармонда никоҳланувчиларни “маиший зўравонликсиз бахтли оилавий ҳаётга тайёрлаш” бўйича махсус курсларни ташкил этиш белгилангани ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этади. Бу каби ташаббуслар ёшлар ўртасида оилавий муносабатлар маданиятини шакллантиришга хизмат қилади.
Аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда суд органларининг ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Суд амалиётида бундай тоифадаги ишлар кўриб чиқилганда, энг аввало инсон қадри, адолат ва қонун устуворлиги тамойилларига қатъий риоя қилиниши талаб этилади.
Фармонда айнан шу жиҳатга алоҳида урғу берилган. Жумладан, аёллар ва болаларга нисбатан содир этилган жиноятларни тергов қилиш ва судларда кўриб чиқиш жараёнида мутахассисларнинг касбий тайёргарлигини ошириш зарурлиги қайд этилган.
Шу мақсадда терговчилар ва судьялар учун “Жиноятдан жабрланган аёллар ва болалар билан ишлашнинг ўзига хос процессуал жиҳатлари” бўйича махсус ўқув дастурларини ташкил этиш назарда тутилган.
Бу ташаббус суд амалиётида бундай ишлар кўриб чиқилаётганда жабрланувчиларнинг ҳуқуқлари тўлиқ таъминланишига, айниқса вояга етмаган шахслар билан ишлашда эҳтиёткор ва инсонпарвар ёндашувни шакллантиришга хизмат қилади.
Аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вазифаси билан чекланмайди. Бу — бутун жамиятнинг умумий масъулиятидир.
Шу боис мазкур фармонда аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни ошириш, тушунтириш ишларини кучайтириш, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини бу жараёнга кенг жалб қилиш каби вазифалар ҳам белгиланган.
Чунки жамиятда зўравонликка нисбатан муросасиз муносабат шаклланмас экан, ҳатто энг мукаммал қонунлар ҳам кутилган натижани бермаслиги мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур фармон аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқмоқда. Бу ҳужжат инсон қадрини улуғлаш, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш йўлида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Аёллар ва болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилинган жамият эса, шубҳасиз, барқарор ва фаровон келажакка эга бўлади.
Акбар Аминов, Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси.