s
USD: Rub: Eur:
2026-03-25 572

Аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш – давлат сиёсатининг устувор йўналиши

Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, айниқса аёллар ва болалар ҳуқуқларини таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишига айланди. Шу мақсадда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони жамиятда соғлом оила муҳитини шакллантириш, эрта никоҳ ва маиший зўравонлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирларни белгилаб берди.

Эрта никоҳ – жамият тараққиётига тўсиқ ҳисобланади. Шунинг учун ҳам эрта турмуш қуриш кўп ҳолларда қизларнинг таълим олиш имкониятини чеклайди, уларнинг соғлиги ва келажакдаги ижтимоий фаоллигига салбий таъсир кўрсатади. Фармонда никоҳ ёшига етмаган шахслар билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш ҳолатларининг олдини олиш, ота-оналар масъулиятини ошириш муҳим вазифа сифатида белгиланди.

Шунингдек, 2027 йилдан бошлаб ҳар икки тараф камида 21 ёшга тўлган ҳолда биринчи марта никоҳ қураётган ёш оилаларга давлат томонидан қўшимча имтиёз ва молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари жорий этилиши кўзда тутилган. Бу эса ёшларни оила қуришга онгли ва масъулият билан ёндашишга ундайди.

Таълимда “иккинчи имконият”

Ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача фарзанди бор талабаларга таълимни давом эттириш учун қўшимча шароитлар яратилиши фармоннинг муҳим жиҳатларидан бири ҳисобланади. Масофавий таълим имкониятларини кенгайтириш, академик таътилдан сўнг ўқишни тиклаш каби чоралар аёлларнинг билим олиш ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилади. Бу эса келажакда иқтисодий мустақил ва фаол аёллар сони ортишига замин яратади.

Зўравонликка қарши қатъий чоралар

Фармонда аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Ҳимоя ордери берилган хотин-қизлар учун “SOS” чақирув тизимининг жорий этилиши уларнинг хавфсизлигини таъминлашда муҳим қадамдир.

Шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан содир этилган жинсий жиноятлар учун жазо чораларини кучайтириш, бундай ишларни махсус тайёргарликдан ўтган терговчи ва судьялар томонидан кўриб чиқиш амалиётини жорий этиш адолатли судловни таъминлашга хизмат қилади.

Идоралараро ҳамкорлик – самарали тизим асоси

Эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатлари ҳақида мажбурий хабар бериш тизимининг жорий этилиши, ахборот тизимларининг интеграция қилиниши ҳуқуқбузарликларни яшириш ҳолатларининг олдини олади. Бу эса давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштирилган ҳолда самарали ташкил этиш имконини беради.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур фармон жамиятда соғлом оилавий муносабатларни шакллантириш, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжатдир. У нафақат ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни, балки профилактика, таълим ва маънавий тарбия орқали муаммоларнинг илдизини бартараф этишни кўзда тутади.

Демак, ушбу ташаббуслар амалга оширилиши натижасида мамлакатимизда аёллар ва болаларнинг ҳуқуқий ҳимояси янада мустаҳкамланиб, оила институтининг барқарорлиги таъминланади.

 

Э.Бобажонов, жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг тергов судьяси       

Мавзуга оид