s
“Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 20-моддасида сифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини харид қилиш, чакана реализация қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тақиқланиши, дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 185-сонли қарори билан тасдиқланган “Дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг
12-бандида сифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, референт нархлари қайд этилмаган дори воситаларини, шунингдек, контрафакт дори воситаларини харид қилиш ҳамда улгуржи реализация қилиш тақиқланиши белгиланган.
Текширишда 5 турдаги 461,9 дона яроқлилик муддати тугаганлиги аниқланган, шунингдек намуна учун танлаб олинган 13 турдаги дори воситаларига мувофиқлик сертификати мавжуд эмаслиги, 15 турдагисининг яроқлилик муддати ўтганлиги, 8 турдаги дори воситалари ва 3 турдаги тиббий буюмлар эса тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника Давлат рўйхатидан ўтмаганлиги аниқланган.
“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасида лицензиялаш соҳасидаги ваколатли органларнинг бир қатор ваколатлари белгиланган бўлиб, уларга лицензияларни бекор қилиш ёки ушбу Қонуннинг 33-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда лицензияларни бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиш ваколати ҳам берилган.
Ушбу Қонуннинг 33-моддасида лицензияни ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бекор қилиш тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра, лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат ушбу модда биринчи қисмининг еттинчи — ўнинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда суд томонидан бекор қилиниши, шу жумладан лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахс томонидан лицензия ёки рухсат бериш талаблари ва шартлари мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ маротаба) ёки бир маротаба қўпол равишда бузилганда, агар мазкур қоидабузарликлар фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зиён, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат хавфсизлигига зарар ҳамда атроф-муҳитга зиён етказилишига олиб келган бўлса лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат суд томонидан бекор қилиниши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил
21 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида ягона Низом”
29-иловасининг 9-бандида лицензия талаблари ва шартлари белгиланган бўлиб, ушбу банднинг “б”-кичик бандида дори воситалари ва тиббий буюмларни мувофиқлик сертификатларисиз сақлаш ва (ёки) реализация қилиш, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган, сифатсиз, қалбакилаштирилган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини сақлаш ва (ёки) реализация қилиш, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг фармацевтик маълумотга эга бўлмаган шахс томонидан реализация қилинишига, фаолиятни лицензияда кўрсатилмаган манзилда амалга оширилишига йўл қўйилмаслиги белгиланган. Ушбу лицензия талаблари ва шартлари бузилиши қўпол равишда бузиш деб ҳисобланадиган лицензия талаблари ва шартлари жумласига кириши белгилаб қўйилган.
Фикримни Урганчтуманлараро иқтисодий судида кўрилган бир иш мисолида давом эттирсам.
Янгиариқ туманида фаолият юритаётган битта жамият (номи кўрсатилмаган) (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)га Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун 2021 йил 2 августда берилган АА488 лицензия асосида Хоразм вилояти, Янгиариқ туманида фаолият юритиб келган.
Битта истеъмолчи фуқаро Янгиариқ туман прокуратурасига мурожаат қилиб жавобгарга қарашли дорихона томонидан муддати ўтган дори воситаларини сотганлиги ва ушбу дорини ичгандан кейин аҳволи оғирлашиб ҳомиласидан айрилганлигини маълум қилиб, дорихонага нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. Ушбу мурожаат юзасидан туман прокуратурасининг топшириқ хати билан “Farmatsevtika mahsulotlari xavfsizligi markazi” давлат муассасаси (бундан буён матнда аризачи деб юритилади)дан мурожаатда кўрсатилган ҳолатлар юзасидан ўрганиш ўтказишни сўраган.
Шунга кўра, аризачининг буйруғи ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилиш тартибида
2025 йил 11 декабрь куни Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш бошқармасининг бош мутахассислари О.Жуманиёзов ва А.Абдурахимовлар томонидан жавобгарга қарашли дорихонада текшириш ўтказилган.
Текшириш натижасига кўра 2025 йил 11 декабрь куни далолатнома расмийлаштирилган. Текширишда дорихона омборхонаси ва савдо залидан
5 турдаги 461,9 дона яроқлилик муддати тугаган сифатсиз дори воситалари ва тиббий буюмлар сақланаётганлиги аниқланган ва ашёвий далил сифатида олиб қўйилган ҳамда савдо залидан сифатига шубҳа уйғотган 13 турдаги
59,9 қадоқ дори воситалари ва тиббий буюмлар аниқланган ва келгусида текшириш учун олинган.
Аризачининг Ахборот-таҳлил бўлими тақдим қилинган 13 турдаги намуналардан 5 турдаги дори воситалари намуналари амалдаги тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника Давлат реестрида қайд этилмаганлиги, 3 турдаги тиббий буюмлар намуналари амалдаги тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника Давлат реестрида қайд этилмаганлиги, 3 турдаги тиббий буюмлар намуналари ишлаб чиқарувчи корхонаси кўрсатилмаганлиги сабабли маълумот бериш имкони йўқлиги маълум қилинган.
Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш ва назорат қилиш бошқармасининг маълумотномасида Республикада фаолият кўрсатаётган Тиббий маҳсулотларни сертификатлаштириш марказий органлари томонидан берилган ҳисоботлар асосида шакллантирилган маълумотлар базасига мувофиқ танлаб олинган 13 турдаги дори воситаларига мувофиқлик сертификати мавжуд эмаслиги маълум қилинган.
Шунга кўра, аризачи иқтисодий судга ариза билан мурожаат қилиб, жавобгарга дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун берилган лицензияни бекор қилишни сўраган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади)нинг 215-моддасига кўра ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги аризалар билан судларга назорат қилувчи органлар мурожаат этишга ҳақли.
ИПК 217-моддаси биринчи қисмининг 6-бандига асосан тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари билан шуғулланиш учун лицензияларнинг (рухсатномаларнинг) амал қилишини ўн иш кунидан кўп бўлган муддатга тўхтатиб туриш ёки уларнинг амал қилишини тугатиш ва лицензияларни (рухсатномаларни) бекор қилиш ҳуқуқий таъсир чораси ҳисобланади.
ИПК 221-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ суд ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганда ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш учун асослар бор-йўқлигини аниқлайди.
Маълумки, суд далилларга ишнинг барча ҳолатларини жамлаб, уларни суд мажлисида қонунга амал қилган ҳолда ҳар томонлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқишга асосланган ўз ички ишончи бўйича баҳо беради.
Суд, жавобгар ўзига тегишли дорихонада мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаган, шунингдек тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника Давлат рўйхатидан ўтмаган дори воситаларини реализация қилиб, лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузганлигиучун, қолаверса жавобгарнинг давлат рўйхатидан ўтмаган дори воситаларини реализация қилиши фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳам жиддий зиёнетказиши мумкинлигидан келиб чиқиб аризачининг лицензияни бекор қилиш талабини асосли деб ҳисоблаб,Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун жавобгарга берилган лицензияни бекор қилиш тўғрисида тўхтамга келган.
Ў.Мадрохимов
Урганч туманлараро
иқтисодий судининг судьяси