s
Сўнгги йилларда мамлакатимизда меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни халқаро принциплар ва андозалар асосида такомиллаштириш бўйича салмоқли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Хусусан, 2023 йил 30 апрелда янги Меҳнат кодекси кучга кирди.
Кодексда ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларининг мувозанатини таъминлаш ҳамда уларни мувофиқлаштириш асосида якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий асослар белгиланди.
Шу билан бирга, янги таҳрирдаги Конституцияда ходимнинг меҳнат ҳуқуқларига оид муҳим қоидалар ўз аксини топди. Жумладан, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, меҳнати учун камситишларга йўл қўймаслик, ҳар бир ходимга меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш, энг асосийси, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги янгиланган Конституцияда қатъий белгиланди.
Ўз навбатида, 2023 йил 20 ноябрда Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унда меҳнат низоларини кўришда судлар амалиётида вужудга келадиган масалаларга алоҳида тушунтириш берилди.
Меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни судда кўришда мехнат қонунчилигига риоя қилиниши, меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари ва тартиби, давлат ташкилотларини қайта ташкил этиш ва уларнинг бўйсунувини ўзгартиришда меҳнат қонунчилигини тўғри қўлланилганлигига эътибор қаратиш лозим.
Шунингдек, Меҳнат кодексининг мазмун-моҳияти, меҳнат шартномасини бекор қилишда ходим ҳуқуқларининг кафолатлари, меҳнат-ҳуқуқий муносабатларда иш берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, хизмат текширувларини ўтказиш ва ходимларга интизомий жазоларни қўллаш тартиби ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш асослари, кафолатли тўловлар ва компенсация тўловларига оид масалалар алоҳида аҳамиятга эга.
Меҳнат муносабатлари ҳам бошқа муносабатлар каби зиддиятларга бой бўлади, иш берувчи ва ходим ўртасида турли низолар юзага келади, уларни ўз вақтида ва тўғри ҳал этиш нафақат тарафларнинг манфаатларига, балки, мамлакатдаги умумий вазиятга, ижтимоий-иқтисодий барқарорлик ва осойишталикка сабабчи бўлади.
Меҳнат низоларининг келиб чиқишига турли омиллар, яъни ташкилотнинг тугатилиши, ишнинг хусусияти (ҳажми) нинг ўзгариши, штатлар сонининг қисқариши, ходимнинг малакаси етарли бўлмаслиги ёки ўз вазифаларини бузиши сабаб бўлиши мумкин.
Бошқа томондан эса иш берувчининг меҳнат шартномаси шартларига риоя этмаслиги, меҳнат қонунчилигида белгилаб қўйилган кафолатларни тақдим этмаслиги, иш вақти ва дам олиш вақти режимига амал қилмаслиги, меҳнатга ҳақ тўлашда камситишларга йўл қўйиши ва шу кабилар ҳам низоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.
Бир сўз билан айтганда меҳнат низоси иш берувчи ва ходим томонидан меҳнат қонунчилиги талабларига риоя этмаслиги, вақти келганида меҳнат ҳуқуқи нормаларини қўллаб, бошқа турдаги муносабатларни яширишга ҳаракат қилиши оқибатида ҳам келиб чиқиши мумкин.
Миллий меҳнат қонунчилигимизда меҳнат низоларини ҳал этишга қаратилган бир қанча нормалар мавжуд.
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 2-моддасига кўра, ушбу Кодекснинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
ходимлар меҳнат ҳуқуқлари ва эркинликларининг, шу жумладан меҳнат қилишга, эркин иш танлашга, адолатли ва хавфсиз меҳнат шароитларига ҳамда ишсизликдан ҳимояланишга бўлган ҳуқуқининг давлат кафолатларини белгилаш;
иш берувчиларнинг кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш ва самарали меҳнат жараёнини ташкил этиш соҳасидаги ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлаш;
меҳнат соҳасида ижтимоий шерикликни рағбатлантириш ва ривожлантириш;
ходимлар ва иш берувчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;
меҳнат бозорининг самарали фаолият кўрсатишига кўмаклашиш.
Меҳнат кодексининг 4-моддасига мувофиқ, ҳар ким меҳнат ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилишда тенг имкониятларга эга.
Меҳнат ва (ёки) машғулотлар соҳасида ўзини камситилган деб ҳисоблаган шахс камситилиш факти устидан белгиланган тартибда шикоят қилиши, шу жумладан камситишни бартараф этиш ҳамда ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённинг компенсация қилиниши тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.
Низоларни кўриб чиқиш чоғида ишга қабул қилишни рад этишнинг қонунийлигини исботлаш вазифаси иш берувчининг зиммасига юклатилади.
Бундай нормаларнинг киритилиши мамлакатда ходимларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқларининг давлат томонидан ҳимоя қилинишини билдиради, ҳар қандай зиддиятли вазият юзага келганида ходим эмас, балки иш берувчи меҳнат муносабатларининг қонуний асосда тугатилганлиги ёки меҳнат шартларининг асосли равишда ўзгартирилганлигини исботлаб бериши шарт бўлади.
Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга тегишли бўлган суммаларнинг миқдорлари тўғрисида низо чиққан тақдирда, иш берувчи унга шак-шубҳасиз тегадиган суммани ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда тўлаши шарт.
Қонунга кўра, иш берувчи ва ходим ўртасида ёхуд ходимлар (уларнинг вакиллари) ва иш берувчилар (уларнинг вакиллари) ўртасида меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини, меҳнат шартномасини қўллаш масалалари бўйича, шунингдек янги меҳнат шартларини белгилаш ёки мавжуд меҳнат шартларини ўзгартириш масалалари бўйича тартибга солинмаган келишмовчиликлар меҳнат низоларидир.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” тамойили негизида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар талаби асосида қабул қилинган Меҳнат кодекси айнан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган. У фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан меҳнат низоларини қонуний, асосли ва адолатли ҳал этишга ёрдам беради.
Хоразм вилоят судининг судьяси
Балтаев Хушнуд