s
Бугунги кунда жамият тараққиёти ва барқарорлиги кўп жиҳатдан оила институтининг мустаҳкамлигига боғлиқ. Оила эса, аввало, аёл ва болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилинган муҳитдагина барқарор бўлади.
Шу боис мамлакатимизда аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан асраш масаласига давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Бу борада 2026 йил 3 мартда қабул қилинган «Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида»ги Президент фармони муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур ҳужжат аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, жамиятда зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда профилактика ишларини янада кучайтиришга қаратилган.
Фармонда қонунчиликни янада такомиллаштириш ва айрим ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш масалалари ҳам назарда тутилган.
Хусусан, вояга етмаган шахслардан жинсий мақсадларда фойдаланиш ёки интернет орқали уларнинг ишончини қозониб жиноят содир этиш — яъни “онлайн груминг” каби ҳолатлар учун қонунчиликда алоҳида жавобгарлик белгилаш вазифаси қўйилган.
Бугунги ахборот технологиялари жадал ривожланаётган даврда интернет маконида ҳам турли хавф-хатарлар пайдо бўлаётгани сир эмас. Айниқса, болалар ва ёшлар турли салбий таъсирларга осон дуч келиши мумкин.
Шу нуқтаи назардан, бундай жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш жамият хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Фармонда профилактика ишларини кучайтиришда ахборот технологияларидан самарали фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Жумладан, ички ишлар органларининг электрон тизимида эрта никоҳ ёки 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатлари ҳақида хабар бериш имконини берувчи “O‘smir-signal” модулини ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Бу каби рақамли механизмлар орқали ҳуқуқбузарликларни эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олиш имкониятлари янада кенгаяди.
Аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда суд органлари олдида ҳам катта вазифалар турибди. Суд амалиётида бундай тоифадаги ишлар кўриб чиқилганда, адолат, инсонпарварлик ва қонун устуворлиги тамойилларига қатъий риоя қилиниши талаб этилади.
Бундай ишлар оддий жиноят ишларидан фарқ қилиб, уларда жабрланувчиларнинг руҳий ҳолати, ёши ва ижтимоий шароити каби омиллар ҳам ҳисобга олиниши зарур.
Шу жиҳатдан, судьялар ва терговчиларнинг махсус тайёргарликдан ўтказилиши мазкур тоифадаги ишлар бўйича адолатли қарорлар қабул қилинишига хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи ҳар қандай жамиятнинг тараққиёти ва келажаги билан чамбарчас боғлиқдир.
2026 йил 3 мартда қабул қилинган мазкур фармон эса бу борадаги давлат сиёсатини янада мустаҳкамлаб, жамиятда инсон қадри ва адолат тамойилларини қарор топтиришга хизмат қилмоқда.
Аёллар ва болаларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинган жамиятда тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт таъминланиши шубҳасиз.
Даврон Муратов, Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси.