s
USD: Rub: Eur:
2026-03-25 245

Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти

 

“Маъмурий тартиб таомиллар тўғрисида” ги Қонуннинг мақсади маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонуннинг асосий вазифалари маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашдан иборатдир.

Маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишга доир у ёки бу муносабатлар махсус маъмурий тартиб-таомилларни белгиловчи қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган ҳолларда ушбу Қонун нормалари қўлланилади.

Қонун маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига, шу жумладан лицензия, рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларига, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тартиб-таомилларга, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятга нисбатан татбиқ этилади.

Маъмурий тартиб-таомиллар ва уларнинг ҳуқуқий тартибга солиниши фуқаро ва ташкилотлар томонидан ўзларининг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бевосита таъсирга эга. Маъмурий тартиб-таомиллар жисмоний ва юридик шахслар билан ўзаро муносабатга киришаётганда амалга ошириладиган давлат функцияларининг тартиби, умумий тамойиллари ва қоидарини тартибга солади.

Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонунида ушбу Қонуннинг асосий мақсади сифатида “маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш” келтирилган бўлса-да, Қонуннинг умумий мазмунидан келиб чиқиб, унинг асосий мақсади жисмоний ва юридик шахсларнинг маъмурий органлар билан бўлган муносабатларида уларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришда ёрдам бериш, кўмаклашиш, маъмурий процедураларнинг шаффофлиги ҳамда адолат бўлиши, қарор қабул қилишда жисмоний ва юридик шахслар фикрининг ҳам инобатга олинишини таъминлашдан иборатдир.

Маъмурий тартиб-таомилларнинг мақсади маъмурий органларнинг хусусий шахслар билан бўладиган муносабатларида адолатни ва шаффофликни таъминлашга қаратилганлиги билан ҳам ажралиб туради.

Маъмурий тартиб-таомиллар қонунийлик, мутаносиблик, ишончлилик, тингланиш имкониятининг мавжудлиги, маъмурий тартиб-таомилларнинг очиқлиги, шаффофлиги ва тушунарлилиги, манфаатдор шахслар ҳуқуқларининг устунлиги, бюрократик расмиятчиликка йўл қўйилмаслиги, мазмунан қамраб олиш, маъмурий иш юритишнинг “бир дарча” орқали амалга оширилиши, маъмурий ихтиёрийликнинг (дискрецион ваколатнинг) қонунийлиги каби принципларга асосланади.

Мисол тариқасида битта принципни олиб кўрадиган бўлсак, маъмурий иш юритиш давомида юзага келадиган, қонунчиликнинг бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлари ва ноаниқликлари манфаатдор шахслар ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ушбу манфаатдор шахслар фойдасига талқин қилинади.

Яна бир принципга биноан виждонан ҳаракат қилувчи манфаатдор шахсларнинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончи қонун билан қўриқланади. Маъмурий органлар манфаатдор шахсларнинг юзага келган маъмурий амалиёт билан боғлиқ қонуний кутилган натижаларини ҳурмат қилиши шарт. Юзага келган маъмурий амалиётнинг ўзгартирилиши жамоат манфаатлари билан оқланган бўлиши, умумий хусусиятга эга ва барқарор бўлиши керак.

Маъмурий ҳужжатлар ва маъмурий ҳаракатлар маъмурий тартиб-таомилларнинг принципларига мувофиқ бўлиши керак. Маъмурий тартиб-таомиллар принципларига номувофиқлик маъмурий ҳужжатларнинг ва маъмурий ҳаракатларнинг бекор қилинишига ёки қайта кўриб чиқилишига олиб келади.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш, тадбиркорлик субъектлари қонуний манфаатларини таъминлаш, бюрократик тўсиқлар ва сансалорликларга барҳам бериш учун зарур бўлган керакли ҳуқуқий асос яратилган. Ушбу қонун бевосита жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган экан, ҳар бир маъмурий органнинг мансабдор шахси унинг мазмуни ва моҳиятини тўлиқ англаб етиши лозим.

 

Хоразм вилоят маъмурий

суди судьяси Т.Ибрагимов

Мавзуга оид