s
USD: Rub: Eur:
2026-03-16 852

Жамиятни таназзулга элтувчи иллат

Ҳуқуқий демократик давлатда, сув ҳаёт манбаи бўлганидек, жамиятда, давлатчиликда қонун устуворлиги энг муҳим ва бу жараёнда инсоний, ижтимоий адолат тамойиллари энг олий даражададир.

Дарҳақиқат, адолат ва қонун устувор бўлган давлат ҳар қандай жабҳада тараққий этиши аниқ. Негаки, қонун ва ҳуқуқ деган сўзлар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, бири иккинчисини асло инкор этмайди. Чунки, давлат қонунларини яхши билиш ва унга риоя қилиш каби эзгу амаллар яхши натижадан дарак бериб, ижтимоий нормаларнинг бузулишига дуч келмасдан, ҳар хил ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишини мутлоқ ўз вақтида олди олиниши айни ҳақиқат. Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг етишмаслиги ижтимоий муносабатларни кескин ўзгаришига асосий сабаб бўлади.

Халқимизда: “Саёқ юрган таёқ ейди”, мақоли ҳозирда кўрсатаётган суд ҳукмида ўз тасдиғини топган.

2026 йил февраль ойининг 23 куни жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир туман судида, Ш.Сотимов (исм-фамилияси ўзгартирилган)га нисбатан бўлган жиноят ишини кўриб чиқди.

Ш.Сотимов 30 ёшни қоралаган бўлишига қарамасдан ҳозирги кунга қадар бирор иш фаолияти билан шуғулланмасдан ёки бир касб ёки ҳунарни бошини ушламасдан, енгил даромад топишни ўйлаб, ўзгалар мулкини ўзлаштириш каби қабиҳ жиноятни содир қилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари билан озодликни чеклаш жазосини ўтаб чиққан бўлса-да, бундан ўзига тўғри хулоса чиқармай шу турдаги жиноятни содир қилган. Халқимизда: “Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас”, деган ҳикматли сўз бежиз айтилмаган. Ушбу мақол Ш.Сотимовнинг хатти-ҳаракатларида ўз ифодасини топган десак муболаға эмас. Зеро, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятга эга бўлмаган авлод на ўзини, на ўзгаларни ҳаётини ўйлайди. Оқибатда ҳар қандай ҳуқуқбузарликларни содир этиб, ўз умрини зомин этади. Ҳаётда мақсадсиз яшаган инсон боши берк кўчага гирифтор бўлиши турган гап. Чунки, маънавий қашшоқ инсон ҳаётни лаззатларидан бебаҳра қолиши шубҳасиз. 

Жумладан, Ш.Сотимов қўшниси Ш.Шодмонов (исм-фамилияси ўзгартирилган)га нисбатан Шовот тумани ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 2-қисми билан қўзғатилган жиноят ишини Шовот тумани ИИБдан Гурлан тумани ИИБнинг иш юритувга ўтказиб бериш ҳамда жиноят ишини Гурлан тумани ИИБ катта терговчиси орқали тугатиб бериш эвазига 3.000 АҚШ долларини талаб қилиб, уни пора бериш жиноятига далолат қилиб, 2025 йил 1 декабрь куни соат 11:30 ларда Урганч тумани, Қумработ маҳалласида жойлашган “Ака-укалар” номли ресторан олдида 2.800 АҚШ доллари ва 2.400.000 сўм пулларни алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритган вақтида ашёвий далиллар билан жиноят устида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланганлиги натижасида жиноятини охирига етказа олмаган.

Судланувчи Ш.Сотимов суд муҳокамасида, айбига қисман иқрорлик билдириб, отаси оғир касаллиги сабабли пулга муҳтож бўлганлиги, шунда қўшнисини ишончига кириб, ёлғон ваъдалар бериб пулларини олганлиги, бундан Гурлан тумани ИИБ терговчисининг хабари бўлмаганлиги, ҳеч кимга пора беришга далолат қилмаганлиги, қилмишидан пушаймонлиги, оилавий ва моддий аҳволини инобатга олиб, ўзига нисбатан енгиллик қилишни сўрган бўлса-да, суд уни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,168-моддаси 1-қисми, 28,211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топиб, Ўзбекистон ЖКнинг 59,61-моддалари тартибида, 2  йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Ш.Сотимов муқаддам судланган бўлиб, содир этган жинояти учун унга нисбатан озодликдан чеклаш жазоси тайинланган даврда ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланмасдан, яъни қонунда белгиланган чекловларни бузиб, ҳар-хил кўнгил очар жойларда айшу-ишрат қилиб, кўнгли истаган жойларга бориб, яна фирибгарлик жиноятини содир этишни ўзига маъқул кўриб, яқин қўшнисини алдаб, уни ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан осон даромад топишни мақсад қилган. У содир этган жиноятидан асло ҳазар қилмасдан ўзига нопокликни раво кўриб, нимага қодир эканлигини яна бир бор намоён этганини қандай изоҳлаш мумкин. Жамиятимизда шундай шахслар борки, улар ҳалол меҳнат қилишдан кўра осон ва енгил йўллар билан даромад топиш илинжида бўлишади. Ҳатто ўз яқинларини ҳам тақдирини ўйламайди. Ундай шахслар ўз ота-онаси ва оила аъзоларини ҳам халқ олдида обрўсини кўкка совуради. Бундай фарзанддан ҳазар қилган ота-она бир умр изтироблар алангасида қоврилади.  

Адолат ва қонун барқарор бўлган мамлакатда ҳар қандай ҳуқуқбузарликларни содир бўлиши ва турли жиноятларни барвақт олди олиниши шубҳасиз. Ҳозирда дунё мамлакатларида энг долзарб муаммолардан бирига айланаётган коррупция жинояти бўлиб, у каби иллатга барҳам бериш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Жамиятда кечаётган жараёнларда фуқароларнинг салбий иллатларнинг исканжасига илиниб қолмасликлари борасида оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва роли беқиёсдир. Чунки, ҳар бир қонун ва қоиданинг янада кенг оммалашишида ОАВ муҳим аҳамият касб этади. Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятда эга бўлишимиз учун ҳам ОАВ зарур омиллардан бири бўлиб ҳисобланади. 

 

Жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир

туман судининг раиси                                                           Фурқат Исмоилов

 

 

Мавзуга оид