s
Оилавий муносабатларда мол-мулк масалаларини тўғри ҳуқуқий баҳолаш нафақат алоҳида бир иш доирасида, балки жамиятда ҳуқуқий барқарорликни таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамиятга эга.
Эр-хотин ўртасидаги иқтисодий муносабатлар турли шаклларда намоён бўлади. Даромад топиш, инвестиция киритиш, кредит олиш, бизнес юритиш, мерос қабул қилиш каби ҳолатлар оилавий мулк режими билан бевосита боғлиқ.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасига мувофиқ, ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли. Банк операцияларининг, омонатларнинг ва ҳисобварақларнинг сир тутилиши, шунингдек мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади.
Ушбу норма оилавий муносабатларда муҳим аҳамият касб этади. Масалан, эр ёки хотиннинг банк ҳисобварағидаги маблағлар, агар улар никоҳ давомида орттирилган бўлса, умумий мулк сифатида баҳоланиши мумкин. Шу билан бирга, банк сирининг кафолатланиши ҳар бир шахснинг шахсий молиявий маълумотларини ҳимоя қилади.
Конституциянинг 63-моддаси фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаши шартлигини белгилайди. Бу норма оилавий мулк муносабатларида солиқ мажбуриятларини ҳам назарда тутиш зарурлигини кўрсатади. Масалан, никоҳ шартномасида тадбиркорлик даромадлари алоҳида мулк сифатида белгиланган бўлса ҳам, солиқ тўлаш мажбурияти қонун асосида юзага келади.
Конституциянинг 53-моддасида интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилиниши қайд этилган. Замонавий шароитда оилавий мулк таркибига муаллифлик ҳуқуқи, патент, товар белгиси, дастурий таъминот каби объектлар кириши мумкин. Агар улар никоҳ давомида яратилган бўлса, улардан тушган даромад умумий мулк сифатида баҳоланиши масаласи юзага келади. Суд амалиётида бундай ҳолатларда интеллектуал фаолият натижаси ким томонидан яратилгани ва унинг иқтисодий қиймати аниқланади.
Никоҳ шартномасини тузиш амалиёти ҳуқуқий онг даражаси билан узвий боғлиқ.
Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига кўра, никоҳ давомида орттирилган мол-мулк эр-хотиннинг умумий мулки ҳисобланади. Бу қоида оилада иқтисодий тенгликни таъминлашга қаратилган.
Умумий мулкка қуйидагилар киради: қўшимча даромадлар, тадбиркорлик фаолиятидан тушган маблағлар, ижара даромадлари, пенсия ва нафақалар, кўчмас ва кўчар мулк, банк омонатлари, корпоратив улушлар.
Суд амалиётида кўпинча мол-мулкнинг қачон ва қайси маблағ ҳисобидан орттирилганини аниқлаш муҳим аҳамиятга эга бўлади. Агар мол-мулк никоҳ давомида олинган бўлса, унинг умумий мулк экани презумпция сифатида қабул қилинади.
Амалиётда муҳим масалалардан бири кредит мажбуриятларидир. Агар кредит оила эҳтиёжлари учун олинган бўлса, у умумий мажбурият сифатида қаралиши мумкин. Бунда қарзни қайтариш масаласи мол-мулкни бўлиш жараёнида ҳисобга олинади.
Агар кредит шахсий манфаат учун олинган бўлса ва иккинчи тараф бу ҳақда хабардор бўлмаган бўлса, суд ҳолатга қараб қарор қабул қилади. Бу ерда виждонлилик ва адолат тамойили муҳим аҳамият касб этади.
Замонавий иқтисодиёт шароитида эр-хотин акция, улуш, стартап, инвестиция лойиҳаларида иштирок этиши мумкин. Агар ушбу активлар никоҳ давомида олинган бўлса, улар умумий мулк сифатида баҳоланади.
Айниқса, оилавий бизнесда кимнинг меҳнати ва маблағи қай даражада иштирок этганини аниқлаш мураккаб бўлиши мумкин. Суд амалиётида бухгалтерия ҳужжатлари, шартномалар, банк маълумотлари таҳлил қилинади.
Оила кодексининг 29-моддасига биноан, никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади.
Никоҳ шартномаси умумий мулк режимини ўзгартириш имконини беради. Масалан, тарафлар кўчмас мулкни шахсий деб белгилаши, бизнес активларини алоҳида мулк сифатида кўрсатиши, кредит мажбуриятларини тақсимлаши мумкин.
Никоҳ шартномаси, айниқса, тадбиркорлар, инвесторлар, интеллектуал мулк эгалари учун муҳим аҳамиятга эга. У молиявий хавфларни олдиндан тақсимлаш имконини беради.
Шартнома қонунга зид бўлмаслиги, бир тарафнинг ҳуқуқларини кескин чекламаслиги лозим. Суд амалиётида айрим ҳолатларда шартноманинг айрим бандлари ҳақиқий эмас деб топилган ҳолатлар ҳам мавжуд.
Конституциянинг 41-моддасида мерос ҳуқуқи кафолатлангани бежиз эмас. Агар эр ёки хотиндан бири вафот этса, аввал умумий мулкдаги улуш ажратилади, сўнгра мерос тақсимоти амалга оширилади.
Бу жараёнда умумий мулк режими ва шахсий мулк чегараси аниқ белгилаб олиниши шарт. Акс ҳолда мерос низолари юзага келиши мумкин.
Суд амалиёти эр-хотиннинг умумий мол-мулки тушунчасини қўллашда муҳим йўналиш берувчи омил ҳисобланади. Ҳар бир иш индивидуал тарзда кўриб чиқилади. Мол-мулк манбаси, даромад ҳажми, тарафларнинг ҳиссаси, болалар манфаати каби ҳолатлар комплекс таҳлил қилинади.
Ҳуқуқий аниқлик ва олдиндан келишув маданияти оилавий низоларни камайтиришга хизмат қилади. Никоҳ шартномаси мавжуд бўлган ҳолатларда кўплаб баҳсли масалалар судгача етиб бормай ҳал этилади.
Эр-хотиннинг умумий мол-мулки институти, мулк ҳуқуқининг конституциявий кафолатлари, интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш, мерос ҳуқуқи, солиқ мажбуриятлари каби нормалар ўзаро уйғун ҳолда қўлланилганда оилавий муносабатларда адолат ва барқарорлик таъминланади.
Хоразм вилоят судининг судьяси Балтаев Хушнуд