s
Иқтисодий муносабатларда шартнома — тарафларнинг ўзаро ишончи ва масъулиятига асосланган муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Унда белгиланган мажбуриятларнинг бажарилиши эса тадбиркорлик фаолиятининг барқарорлиги ва ҳуқуқий тартибнинг таъминланишида алоҳида аҳамият касб этади. Хоразм вилоятида кўриб чиқилган навбатдаги иқтисодий иш ҳам айнан шу масаланинг амалдаги ифодаси бўлди.
2026 йил 4 февраль куни Хоразм вилояти судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Урганч туманлараро иқтисодий суди томонидан қабул қилинган ҳал қилув қарорини апелляция тартибида кўриб чиқди. Суд мажлиси очиқ тарзда ўтказилди ва иш материаллари атрофлича таҳлил қилинди.
Иш ҳужжатларига кўра, тарафлар ўртасида 2024 йил 26 июлда шартнома тузилиб, унга мувофиқ даъвогар томонидан жавобгарга дори-дармон маҳсулотлари етказиб берилиши назарда тутилган. Мазкур шартнома доирасида 2025 йил июль ойида икки ҳисобварақ-фактура асосида
жами 659 миллион сўмдан ортиқ қийматга эга маҳсулотлар жавобгарга етказиб берилган.
Бироқ, маҳсулотлар қабул қилинганига қарамасдан, жавобгар томонидан шартномада белгиланган муддатда тўлов амалга оширилмаган. Натижада даъвогар корхона олдида катта миқдорда қарздорлик юзага келган.
Шу муносабат билан даъвогар иқтисодий судга мурожаат қилиб, жавобгардан 659 568 044,80 сўм асосий қарз ҳамда 92 340 000 сўм пеня ундиришни сўраган.
Урганч туманлараро иқтисодий суди ишни ҳар томонлама ўрганиб, тарафлар ўртасидаги шартномавий муносабатлар ва тақдим этилган ҳужжатларни таҳлил қилди. Суд томонидан аниқланишича, даъвогар шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажарган, яъни маҳсулотларни жавобгарга етказиб берган. Аммо жавобгар томонидан мазкур маҳсулотлар учун тўлов амалга оширилмаган.
Шунга кўра, биринчи инстанция суди даъво талабини қисман қаноатлантириш ҳақида қарор қабул қилди. Суд қарорига мувофиқ, жавобгардан даъвогар фойдасига 659 568 044,80 сўм асосий қарз
ҳамда 12 928 000 сўм пеня ундирилиши белгиланди.
Жавобгар мазкур қарорнинг пеня қисмига норозилик билдириб, апелляция шикояти киритган. Бироқ Хоразм вилояти судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати иш материалларини қайта кўриб чиқиб, биринчи инстанция суди томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ аниқлангани ва қонун нормалари тўғри қўлланганини таъкидлади.
Судлов ҳайъати хулосасига кўра, даъвогарнинг талаблари асосли бўлиб, шартнома мажбуриятларининг бажарилмагани иш ҳужжатлари билан тасдиқланган. Шу сабабли апелляция шикоятини қаноатлантириш учун ҳуқуқий асослар мавжуд эмаслиги қайд этилди.
Натижада Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2025 йил
18 декабрдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди, жавобгарнинг апелляция шикояти эса қаноатлантирилмади.
Мазкур суд қарори тадбиркорлик фаолиятида шартномавий интизомга амал қилиш, молиявий мажбуриятларни ўз вақтида бажариш ва энг муҳими, бузилган ҳуқуқларни суд орқали тиклаш имконияти мавжудлигини яна бир бор намоён этди.
Д.Шарипов, Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлари бўйича судьяси