s
Ҳуқуқий демократик давлатда, жамиятда, қонун устуворлиги энг муҳим ижтимоий адолат тамойиллари энг олий даражададир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2026 йил
3 мартдаги “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги ПФ-33-сонли Фармони қабул қилинганлиги, ушбу Фармон билан тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш, ҳимоя ордери берилган жабрланувчи хотин-қизларнинг алоқа воситаларига (телефон, планшет ва бошқа қурилмалар) Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари тўғрисида зудлик билан хабар бериш имконини берувчи (“SOS” чақирув) “my.ihma.uz” мобил иловаси уларнинг розилиги билан ўрнатилиши белгиланди.
Шунингдек, зўравонлик ҳолатини содир этган шахснинг руҳиятида бузилиш мавжуд деб тахмин қилишга асослар бўлган тақдирда, ички ишлар органлари томонидан унинг мажбурий амбулатор психиатр кўригидан ўтказилишини ташкил этиш, руҳиятида бузилиш аниқланганда белгиланган тартибда тиббий муассасага жойлаштиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича батафсил маълумот берилди.
Ушбу Фармон билан 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118 (номусга тегиш), 119 (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш), 121 (шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш), 128 (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш), 1281 (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёки мулкий ёхуд бошқача тарзда манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш), 129 (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) моддаларида назарда тутилган жиноятлар бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки терговни фақат прокуратура органлари томонидан амалга оширилиги белгиланди.
Шунингдек, вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган шаҳвоний шилқимлик бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш ҳужжатларини қилмишда жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги ҳақида прокурор томонидан қарор қабул қилинганидан сўнг судга юбориш, лозимлиги кўрсатилган.
Бундан ташқари, жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш ҳам Жиноят кодексининг 118 ва 119-моддаларида назарда тутилган жиноятларни вояга етмаган шахсларга нисбатан содир этганлик учун судланган шахсларни манзил-колонияларга ўтказилмайдиган маҳкумлар тоифасига киритиш белгиланган.
2027-йил 1-январдан бошлаб аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар, қоида тариқасида, махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судьялар томонидан тергов қилиниши ва кўриб чиқилиши белгиланган.
Мамлакатимизда тазйиқ ва зўравонликни олдини олиш, жамиятимизда осойишталикни таъминлаш бўйича олиб борилаётган эзгу ишларни қайд этиш лозим, чунки, жамиятда ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга ҳақли бўлиб, бу бўйича давлатимиз томонидан қонун устуворлиги таъминланаётганини ҳам эътироф этиш ўринли.
Жиноят ишлари бўйича
Қўшкўпир туман суди тергов судьяси
Бахтиёр Рузметов