s
Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, унинг мустақиллиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда коррупцияга қарши курашиш масаласи устувор йўналиш сифатида белгиланган.
Суд тизимида коррупциянинг олдини олиш, аввало, адолатли судловни таъминлаш ва фуқароларнинг ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу мақсадда суд ишларини рақамлаштириш, инсон омилини камайтириш ва қарор қабул қилиш жараёнларини автоматлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, электрон судлов тизимлари орқали мурожаатларни қабул қилиш, ишларни автоматик тақсимлаш ва суд қарорларини очиқ эълон қилиш амалиёти кенг жорий этилди.
Шу билан бирга, судьялар корпусини шакллантириш жараёнлари ҳам янги босқичга олиб чиқилди. Номзодларни танлашда очиқлик, шаффофлик ва меритократия тамойилларига қатъий риоя этилмоқда. Бу эса юқори малакали, ҳалол ва масъулиятли кадрларни тизимга жалб этиш имконини бермоқда.
Коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Суд мажлисларининг очиқлиги таъминланиб, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштироки учун кенг имкониятлар яратилган. Бу эса тизимдаги шаффофликни ошириш билан бирга, ҳар қандай ноқонуний ҳолатларни ўз вақтида аниқлашга хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, судьялар ва суд ходимларининг касбий этикаси ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар мунтазам равишда амалга оширилмоқда. Махсус ўқув дастурлари, тренинглар ва малака ошириш курслари уларнинг масъулиятини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, суд тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар изчил ва самарали тус олмоқда. Бу эса, ўз навбатида, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда адолатли фуқаролик жамиятини барпо этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Даврон Муратов, Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича
судьяси