s
USD: Rub: Eur:
2026-06-22 442

Бир учрашув ортидаги жиноят

Жамият тараққиёти ва фуқароларнинг тинч ҳаётини таъминлашда қонун устуворлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ҳар қандай ҳуқуқбузарликка ўз вақтида ҳуқуқий баҳо бериш, жиноят учун жазонинг муқаррарлигини таъминлаш адолатли жамият қуришнинг муҳим шартларидан ҳисобланади. Судлар томонидан кўрилаётган ҳар бир иш нафақат муайян шахс тақдири, балки қонуннинг амалда қандай ишлаётганини кўрсатувчи муҳим ҳуқуқий мезон ҳамдир.
Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқилган навбатдаги иш ҳам ана шундай аҳамиятга эга бўлди.
Иш материалларига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган тизимида фаолият юритиб келган Фаррух А. (исм-шариф ўзгартирилган) хизмат мавқеидан фойдаланиб, танишини тизимга ишга киритишни ваъда қилган ҳамда бунинг эвазига 1000 АҚШ доллари талаб қилган. Шу билан бирга, у гиёҳвандлик воситасини пул эвазига етказиб беришга ҳам розилик билдирган.
Мурожаат асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда тезкор тадбир ташкил этилди. Барча процессуал ҳаракатлар холислар иштирокида расмийлаштирилди, махсус кимёвий ишлов берилган пул маблағлари тайёрланди ва учрашув жараёни назоратга олинди.
Келишилган вақтда шаҳардаги кафелардан бирида ўтказилган тадбир давомида Фаррух А. аризачига ишга киритиш учун олинган маблағни қабул қилди. Шунингдек, у гиёҳвандлик воситасини ҳам пул эвазига топширди. Орадан кўп ўтмай тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ушланди.
Текширув жараёнида унинг ёнидан махсус белгилар қўйилган маблағлар ҳамда гиёҳвандлик воситалари аниқланди. Кейинчалик ўтказилган суд-кимёвий экспертизаси мазкур моддалар гиёҳвандлик воситаси — гашиш эканлигини тасдиқлади.
Жиноят ишлари бўйича Боғот туман суди томонидан иш ҳар томонлама ва холисона кўриб чиқилиб, судланувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилди.
Суд ҳукмига кўра, унга Ички ишлар органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан 2 йил муддатга маҳрум қилинган ҳолда, узил-кесил 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.
Бироқ судланувчи ва унинг ҳимоячилари ҳукмдан норози бўлиб, апелляция шикояти киритишди. Шикоятда жиноятнинг ҳуқуқий квалификациясини ўзгартириш ва енгилроқ жазо тайинлаш сўралди.
Апелляция инстанцияси судлов ҳайъати иш материалларини қайта ўрганиб чиқди. Суд мажлисида тарафларнинг фикрлари эшитилди, далиллар, эксперт хулосалари, аудио ва видеоёзувлар, тезкор тадбир материаллари ҳамда бошқа ҳужжатлар атрофлича таҳлил қилинди.
Таҳлиллар натижасида биринчи инстанция суди томонидан иш ҳолатлари тўлиқ ва холисона текширилгани, далилларга тўғри ҳуқуқий баҳо берилгани ҳамда тайинланган жазо содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ эканлиги аниқланди.
Шунга кўра, апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди, берилган апелляция шикоятлари эса қаноатлантирилмади.
Мазкур иш бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлади: давлат хизмати аввало катта масъулият ва ишонч демакдир. Хизмат ваколатларидан шахсий манфаат йўлида фойдаланиш, фуқаролар ишончини суиистеъмол қилиш ёки гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларга аралашиш муқаррар равишда ҳуқуқий жавобгарликка сабаб бўлади.
Энг муҳими, мазкур суд қарори жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, коррупция ва гиёҳвандлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга қарши муросасиз курашиш ҳамда жазонинг муқаррарлиги тамойилини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, адолат қарор топган жойда қонунга бўлган ҳурмат ва ишонч янада мустаҳкамланади.


Даврон Муратов, Хоразм вилоят суди судьяси

Мавзуга оид