s
Мамлакат тараққиётининг эртанги куни бугунги ёшларнинг билим-салоҳияти, ташаббускорлиги ва ҳаётда ўз ўрнини топиши билан бевосита боғлиқ. Шу боис Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси лойиҳасининг тақдимоти билан танишилгани мазкур соҳада янги босқич бошланаётганидан далолат беради.
Мазкур ҳужжат мамлакатимиз тарихида ёшларга бағишланган биринчи комплекс ва узоқ муддатли стратегия бўлиб, ёш авлоднинг интеллектуал, маънавий, иқтисодий ва ижтимоий салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилган.
Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси 38 миллион нафардан ошган бўлса, шундан қарийб 9,5 миллион нафарини 14-30 ёшдаги йигит-қизлар ташкил этади. Бу эса аҳолининг қарийб тўртдан бир қисми ёшлар эканини англатади. Ҳар йили юртимизда 270 мингдан ортиқ ёш оила ташкил топаётгани ҳам ёшлар сиёсатига стратегик ва тизимли ёндашув зарурлигини кўрсатмоқда.
Стратегияда ёшларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун муҳим бўлган бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилган. Улар қаторида ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, сифатли ва инклюзив таълимни кенгайтириш, хорижий тилларни оммалаштириш, касбий кўникмаларни шакллантириш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, маданий ва маърифий муҳитни яхшилаш, волонтёрлик ҳаракатини ривожлантириш ҳамда ёшлар саломатлигини мустаҳкамлаш каби йўналишлар алоҳида аҳамият касб этади.
Стратегиянинг энг муҳим жиҳатларидан бири аниқ мақсадли кўрсаткичлар белгилаб берилганидир. Жумладан, ҳар йили 600 минг нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш, 2030 йилга қадар 900 минг нафар ёшни волонтёрлик ҳаракатларига жалб қилиш, мамлакат бўйича ўқув марказлари сонини 90 мингтага етказиш, 450 минг нафар ёшнинг хорижий тиллар бўйича билим даражасини В2 босқичига олиб чиқиш режалаштирилмоқда.
Таълим соҳасида ҳам муҳим янгиликлар назарда тутилган. Айниқса, олис ва чекка ҳудудларда таълим хизматлари сифатини ошириш мақсадида янги ўқув марказлари ташкил этишга 300 миллион сўмгача ссуда ажратиш, мазкур марказлар учун солиқ имтиёзларини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бу эса шаҳар ва қишлоқ ёшлари ўртасидаги имкониятлар тафовутини қисқартиришга хизмат қилади.
Хорижий тилларни ўрганишни рағбатлантиришга қаратилган чоралар ҳам диққатга сазовор. Хусусан, В2 даражада сертификат олган ёшларга хорижга чиқиш паспортини расмийлаштиришда бож тўловлари бўйича енгилликлар бериш, С1 даражадаги билимга эга ёшлар учун эса давлат хизматлари тўловларини қисман камайтириш режалаштирилмоқда.
Стратегияда ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам кенг ўрин берилган. “Янги авлод тадбиркорлари” дастури доирасида дунёнинг нуфузли таълим муассасалари — Гарвард, Стэнфорд, MIT ва Лондон бизнес мактаби билан ҳамкорликда 20 минг нафар ёшни ўқитиш кўзда тутилган. Шунингдек, саралаб олинган истиқболли бизнес лойиҳалари учун уч йилгача муддатга имтиёзли молиявий кўмак кўрсатиш режалаштирилган.
Ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳам стратегиянинг муҳим устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Хусусан, ҳар йили камида 10 мингта ёш оиланинг ипотека дастурлари орқали уй-жой билан таъминланиши, кредит фоизларининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилиши кўзда тутилган.
Шу билан бирга, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида волонтёрлик лойиҳаларига грантлар ажратиш, давлат ташкилотларида ҳақ тўланадиган амалиёт тизимини кенгайтириш, иқтидорли ижодкорлар учун махсус мукофотларни таъсис этиш режалаштирилган. Мамлакат бўйлаб “Ёшлар кўчалари”, “ҲаётFest”, “TalabaFest”, “TalabaExpo” каби йирик лойиҳаларни ташкил этиш орқали ёшларнинг ижтимоий ва маданий ҳаётдаги иштироки янада кучайтирилади.
Стратегияда ёшлар саломатлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Руҳий саломатликни муҳофаза қилиш, психологик кўмак тизимини ривожлантириш, хавф гуруҳига кирувчи ёшлар улушини қисқартириш ҳамда спорт билан мунтазам шуғулланувчи ёшлар сонини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.
Шунингдек, ёшлар муаммоларини тизимли ўрганиш, уларнинг эҳтиёж ва интилишларини таҳлил қилиш мақсадида Миллий ёшлар индекси жорий этилиши, мунтазам ижтимоий сўровлар ўтказилиши ва ҳар пайшанба куни ёшлар билан очиқ мулоқотлар ташкил этилиши белгиланмоқда.
Халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳам стратегиянинг муҳим қисми ҳисобланади. Унга кўра, 100 минг нафар ўзбекистонлик ёшнинг халқаро дастурларда иштирокини таъминлаш, БМТ, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки каби нуфузли ташкилотларда амалиёт ўташ имкониятларини кенгайтириш режалаштирилган.
2026–2027 йилларда стратегия доирасида 7 та асосий йўналиш бўйича 56 та йирик лойиҳа амалга оширилади. Бу эса ёшларнинг билим олиши, иш билан таъминланиши, тадбиркорликка кириб келиши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун мутлақо янги имкониятлар эшигини очади.
Президентимиз таъкидлаганидек, ёшларга қаратилган ҳар бир ташаббус ва ислоҳотнинг бош мақсади — билимли, соғлом, ташаббускор, ватанпарвар ва рақобатбардош авлодни тарбиялашдан иборат. “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилувчи муҳим дастурий ҳужжат сифатида мамлакатимиз тараққиётида алоҳида ўрин тутади.
Зеро, ёшларга яратилган имкониятлар — бу мамлакат келажагига қўйилган энг ишончли сармоядир.
Акбар Аминов, Хоразм вилоят судининг судьяси