s
Ер — халқ бойлиги. Ундан оқилона ва қонун асосида фойдаланиш давлат сиёсатида муҳим ўрин тутади. Кейинги йилларда мамлакатимизда ер муносабатларини тартибга солиш, ўзбошимчалик билан ер эгаллаш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Чунки ер фақат бир инсоннинг эмас, бутун жамиятнинг манфаатига хизмат қилиши лозим бўлган миллий бойлик ҳисобланади. Шу сабабли ер қонунчилиги талабларини бузиш, давлат ер фонди ҳисобидан ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаш қонунчиликда жавобгарликка сабаб бўлади.
Хоразм вилоятида кўрилган навбатдаги маъмурий иш ҳам ана шу масаланинг нақадар долзарб эканини яна бир бор намоён қилди.
Рустам Б. (исм-фамилия ўзгартирилган) Гурлан туманида яшовчи, икки нафар фарзанднинг отаси. Унинг мақсади яқин қариндоши учун уй-жой қуриш эди. Бироқ бу мақсадни амалга оширишда қонун талабларига амал қилинмади.
Иш ҳужжатларига кўра, у Гурлан туманининг “Эшимжирон” маҳалласи ҳудудида жойлашган 180 квадрат метр ер майдонини тегишли рухсат ҳужжатларисиз ўзбошимчалик билан эгаллаб олган. Кейинчалик мазкур ер майдонида турар жой қурилиши бошланган ва қурилиш ишлари амалга оширилган.
Мутасадди идоралар томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида мазкур ҳолат аниқланиб, қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Кадастр органи томонидан ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида, яъни 82 миллион 400 минг сўм жарима жазоси тайинланди.
Рустам Б. мазкур қарордан норози бўлиб, судга мурожаат қилди. У ўз мурожаатида жарима миқдори жуда юқорилигини, доимий иш жойига эга эмаслигини, икки нафар фарзандни тарбиялаётганини ва оғир моддий аҳволда эканини кўрсатиб, жазони енгиллаштиришни сўради.
Биринчи инстанция судида ҳам, кейинчалик апелляция босқичида ҳам у қилган ишидан пушаймон эканини билдирди. Суд мажлисида ҳуқуқбузар ўзбошимчалик билан ер эгаллаб олганини тан олди ва мазкур ерда опаси учун уй қурганини маълум қилди.
Бироқ суд ишни кўриб чиқиш жараёнида фақат ҳуқуқбузарнинг шахсий аҳволини эмас, балки қонун талабларини ҳам устувор мезон сифатида баҳолади.
Апелляция инстанцияси томонидан иш материаллари ҳар томонлама таҳлил қилинди. Кадастр органлари томонидан тўпланган ҳужжатлар, баённомалар ва бошқа далиллар ҳуқуқбузарлик ҳақиқатда содир этилганини тўлиқ тасдиқлади.
Суд томонидан қайд этилганидек, ер майдонининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ва унда қурилиш ишларининг амалга оширилиши қонунчилик талабларининг очиқдан-очиқ бузилиши ҳисобланади.
Шунингдек, биринчи инстанция суди ҳуқуқбузарнинг оилавий аҳволи, фарзандлари борлиги, доимий иш жойига эга эмаслиги каби ҳолатларни инобатга олган ҳолда ишни кўриб чиққанлиги ҳам таъкидланди. Бироқ мазкур ҳолатлар ҳуқуқбузарлик учун қонунда белгиланган жавобгарликни бекор қилиш ёки жаримани ўзгартириш учун асос бўла олмаслиги қайд этилди.
Натижада Хоразм вилоят судининг апелляция инстанцияси биринчи инстанция суди қарори ҳамда кадастр органи томонидан чиқарилган қарорни қонуний ва асосли деб топди. Апелляция шикояти қаноатлантирилмади ва тайинланган жарима жазоси ўзгаришсиз қолдирилди.
Мазкур ишнинг аҳамияти шундаки, у ер муносабатлари соҳасида қонун устуворлиги таъминланишининг яна бир амалий ифодаси бўлди. Ердан фойдаланишда ҳар қандай эзгу мақсад ҳам қонун талабларини четлаб ўтиш учун асос бўла олмайди.
Зеро, ер давлат муҳофазасидаги миллий бойликдир. Унга нисбатан ҳар қандай ноқонуний муносабат нафақат муайян ҳудуд, балки жамият манфаатларига ҳам дахл қилади. Суд қарорининг тарбиявий аҳамияти ҳам айнан шундаки, у ҳар бир фуқарога ер муносабатларида қонунга амал қилиш мажбурий эканини, ўзбошимчалик эса муқаррар равишда ҳуқуқий жавобгарликка олиб келишини яна бир бор эслатади.
Мурод Рузметов, Хоразм вилоят судининг судьяси