s
Болалар таомидаги манфаат ортидан...
Жамиятнинг келажаги бўлган болалар тарбияси ва саломатлиги давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифалардан ҳисобланади. Мактабгача таълим муассасаларида яратилган ҳар бир шарт-шароит, ҳар бир имконият аввало фарзандларимиз манфаатига хизмат қилиши лозим. Шу боис мазкур соҳада фаолият юритувчи раҳбарлар зиммасига катта масъулият юкланган.
Аммо баъзан айрим мансабдор шахслар ўз зиммасидаги ишончни шахсий манфаатлар йўлида суиистеъмол қилишга уринади. Бу эса нафақат қонун талабларига, балки жамият ишончига ҳам қарши қаратилган хатти-ҳаракат ҳисобланади.
Гулчеҳра Р. (исм-фамилиялар ўзгартирилган) узоқ йиллар таълим тизимида меҳнат қилиб, туман ҳудудидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларидан бирига раҳбарлик қилиб келарди. Ҳамкасблари уни тажрибали раҳбар сифатида билар, кўпчилик эса унинг меҳнат фаолиятига ҳурмат билан қарарди.
2025 йилдан бошлаб мамлакатимизда мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг тизими жорий этилди. Унга кўра тадбиркорлик субъектлари тарбияланувчилар учун озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш ва соғлом овқатлантириш хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлди.
Тадбиркорлик субъекти ва таълим муассасаси ўртасидаги муносабатларда энг муҳим ҳужжатлардан бири — таомномаларни тасдиқлаш ҳисобланади. Чунки мазкур ҳужжатлар имзоланмас экан, хизмат ҳақини олишнинг имкони бўлмайди.
Терговда аниқланишича, Гулчеҳра Р. айнан шу ваколатдан шахсий манфаат йўлида фойдаланишга қарор қилган.
Аутсорсинг хизмати кўрсатувчи корхона вакили Отабек Қ. (исми ўзгартирилган) ҳар ойда белгиланган тартибда муассасага озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб келар, тайёрланган ҳужжатларни тасдиқлатиш учун раҳбар ҳузурига мурожаат қиларди.
Бироқ вақт ўтиши билан муассаса раҳбари таомномаларни имзолашни турли баҳоналар билан кечиктира бошлади. Тадбиркор эса бунинг сабабини тушуна олмасди.
Навбатдаги учрашувлардан бирида ҳақиқий мақсад ошкор бўлди.
Раҳбар аёл тадбиркорга ҳужжатларни имзолаб бериш эвазига ҳар ойда кўрсатилган хизмат қийматининг 20 фоизини беришни талаб қилди. Акс ҳолда таомномалар имзоланмаслиги, корхона фаолиятига турли тўсиқлар қўйилиши айтилди.
Тадбиркор бу талабдан ҳайратга тушди. Чунки барча хизматлар қонуний асосда ва белгиланган тартибларга мувофиқ бажарилаётган эди. Бироқ у босим ва тамагирлик давом этаётганини кўриб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишга қарор қилди.
Шундан сўнг қонун доирасида тезкор тадбир ташкил этилди.
2025 йилнинг кузги кунларидан бирида туман марказидаги хонадонлардан бири олдида навбатдаги учрашув бўлиб ўтди. Тадбиркор талаб қилинган 15 миллион сўм маблағни олиб келди. Суҳбат давомида раҳбар аёл яна ўз талабларини такрорлади.
Пул маблағлари қабул қилиниши билан тезкор тадбир иштирокчилари ҳаракатга тушди.
Кўп йиллик меҳнат фаолияти, раҳбарлик мақоми ва обрў бир неча дақиқа ичида қонун олдида ўз аҳамиятини йўқотди.
Жиноят иши бўйича йиғилган далиллар, аудио ва видеоёзувлар, гувоҳлар кўрсатмалари ҳамда бошқа процессуал ҳужжатлар судда ҳар томонлама ўрганилди.
Суд муҳокамалари давомида айбланувчи ўз ҳаракатларига турли изоҳлар берди. Ҳимоя томони эса енгилроқ жазо тайинлашни сўради.
Бироқ суд йиғилган далиллар мажмуини таҳлил қилиб, мансабдор шахс томонидан тамагирлик йўли билан пора олиш жинояти содир этилган деган хулосага келди.
Суд ҳукми билан Гулчеҳра Р. мансабдорлик ва раҳбарлик билан боғлиқ муайян лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан 2 йил муддатга маҳрум қилиниб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Кейинчалик ҳукм устидан апелляция шикояти киритилди. Судланувчи томонидан ёши, нафақадалиги, ижобий тавсифлангани ва бошқа енгиллаштирувчи ҳолатлар важ сифатида келтирилди.
Бироқ апелляция инстанцияси суди иш материалларини қайта кўриб чиқиб, биринчи инстанция суди томонидан барча ҳолатлар тўлиқ ҳисобга олинганини, ҳатто жазо тайинлашда инсонпарварлик тамойили асосида қонунда назарда тутилган энг кам жазодан ҳам енгилроқ жазо қўлланганини қайд этди.
Натижада ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди.
Ушбу ишнинг аҳамияти шундаки, у давлат томонидан болалар овқатланиши учун ажратилаётган маблағлар, тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқлари ва жамият ишончини шахсий манфаатларга алмаштиришга ҳеч қачон йўл қўйилмаслигини яна бир бор намоён этди.
Қонун олдида барча тенг. Лавозим, обрў ёки кўп йиллик меҳнат стажи жавобгарликдан озод қилмайди. Суд қарорлари эса жамиятда ҳалоллик, ошкоралик ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Даврон Муратов, Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси