s
USD: Rub: Eur:
2023-05-20 681

Даъво муддати ва унинг ўзига хос хусусияти

Даъво муддати деб шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўладиган муддатга айтилади. Даъво муддати институти фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар учун катта аҳамиятга эга. Даъво мудатининг мавжуд бўлиши фуқаролик ҳуқуқлари ва мажбуриятларини амалга оширишда алоҳида ўрин тутади. Айниқса, субъектнинг ўзига тегишли ҳуқуқларини амалга ошириш учун қонун ҳужжатларида муайян вақт оралиғининг белгиланиши, шахснинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларига бефарқ қарамаслигини таъминлайди. Шу билан бирга, даъво муддати субъектив фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳимоя этиши учун шахсга бериладиган сўнгги имконият бўлиб, бу вақт оралиғида шахс ўз ҳуқуқларини амалга оширилишини талаб қилмаса, шу ҳуқуқларга нисбатан субъектив ҳуқуқларини йўқотади. Даъво муддати институтининг мақсади ва вазифаси ҳуқуқий муносабатларни бузмасдан, улар кўламига таъсир этмасдан ҳуқуқий муносабатлардаги ноаниқликларни бартараф этишдир. Шу билан бирга, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда даъво муддатининг татбиқ этилиши иштирокчилар ҳуқуқларининг муайян вақт оралиғида амалга оширилишига, ҳамда ҳуқуқий муносабатдаги ҳар бир ҳолатнинг аниқлигига мезон бўлиб ҳисобланади. Даъво муддатининг мавжудлиги субъектнинг ўз ҳуқуқларини амалга оширишга ва мажбуриятларни бажаришга бефарқ бўлмаслигини таъминлайди. Ўзининг фуқаролик ҳуқуқларини бузилган деб ҳисоблаган фуқаро ёки юридик шахслар ушбу ҳуқуқларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга мурожаат қиладилар. Судларга даъво билан мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳолатлар мавжуд бўлиши лозим: -даъво қўзғатаётган шахс ёки номидан даъво қўзғатилаётган шахс процессуал ҳуқуқ лаёқатига эга бўлиши, яъни процессда мустақил тараф сифатида иштирок эта олиши лозим -даъво қўзғатиш орқали бошланадиган иш судларга тааллуқли бўлиши талаб этилади; -даъво қаратилаётган шахс фуқаролик ҳуқуқининг субъекти бўлиши ва даъвогар каби процессуал ҳуқуқ лаёқатига эга бўлиши лозим. Ушбу ҳолатларнинг барчаси мавжуд бўлганда судларга бузилган ҳуқуқларни тиклаш ва ҳимоя қилиш мақсадида мурожаат қилиш мумкин. Ҳуқуқи бузилган шахс даъво қўзғата туриб, нафақат бу даъво суд томонидан қабул қилинишини, шу билан бирга иш судда кўриб чиқилишини талаб қилиши мумкин. Зеро, даъво қўзғатишдан асосий мақсад ҳам бузилган фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Бундай ҳимояга эришиш ва иш суд томонидан кўриб чиқилиши учун фуқаролик ҳуқуқи нуқтаи назаридан қуйидаги ҳолатлар талаб этилади: а) даъво қўзғатаётган шахс тегишли субъектив ҳуқуқлар соҳиби бўлиши; б) шу билан бирга унинг субъектив ҳуқуқлари бузилиши ёки унга путур етказилиши; в) бундай бузилиш даъво бўйича жавобгар сифатида ишга жалб этилган шахс томонидан амалга оширилиши. Умумий қоидага кўра, даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланилади. Бу қоида шундай маънони англатадики, агар жавобгар судга даъво муддати ўтиб кетганлигини билдирмаса, суд даъвогар ва жавобгар ўртасидаги низони мазмунан кўриб чиқиш ва ҳал қилув қарори чиқариши лозим. Бунда даъво муддатининг ўтиб кетганлик ҳолати аҳамиятга эга бўлмайди. Ушбу ҳолатда тарафлар ўзаро битим тузиш пайтида, улар ўртасидаги битим ёки шартномага нисбатан даъво муддати жорий қилинмаслиги тўғрисида келишувга эришсалар, бундай келишув ўз-ўзидан ҳақиқий саналмайди. Даъво муддати институтининг бир қатор ўзига хос хусусиятлари мавжудки, булар натижасида ушбу институтнинг аҳамиятли томонларини янада кенгроқ тушунса бўлади. Бу хусусиятлар жумласига: -тарафларга ўзаро келишув асосида даъво муддатлари белгиланган ҳолатда ўзгартириш ҳуқуқи берилмаганлиги; -даъво муддати билан белгиланган вақт даврларини ўзгартириш мумкин эмаслиги; -даъво муддатини қисқартириш ёки узайтириш мумкин эмаслиги киради. Даъво муддатини тўғри ҳисоблаш учун унинг қай вақтда тугашини белгилаш зарур. Даъво муддатининг тугаши даъво қилиш ҳуқуқи вужудга келган кундан бошланади. Бундай ҳуқуқ, яъни даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлайди. Даъво қўзғатилгунга қадар даъво муддатининг ўтиши даъвони рад қилиш учун асос бўлади. Бинобарин, даъвогар ўз ҳуқуқини мажбурий равишда амалга ошириш имкониятини йўқотади. Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг судьяси З.Исаков

Мавзуга оид