s
USD: Rub: Eur:
2025-06-29 839

Фуқароларнинг суд ҳужжатларидан нусха олиш тартиби

Фуқароларнинг суд ҳужжатларидан нусха олиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида фуқароларнинг ҳуқуқий манфаатларини таъминлашга қаратилган муҳим механизмлардан биридир. Бу ҳуқуқ мамлакатнинг фуқаролик, жиноят, маъмурий ҳамда иқтисодий суд ишларини юритишга оид процессуал қонунчилик нормалари билан тартибга солинган. Амалдаги тартибга кўра, суд ҳужжатларидан нусха олиш ҳуқуқи тегишли юридик манфаатдорликка эга бўлган шахсларга берилади. Жумладан, ишда иштирок этувчи шахслар – даъвогар, жавобгар, гумонланувчи, айбланувчи, жабрланувчи ва бошқа томонлар, шунингдек уларнинг қонуний вакиллари, адвокатлар ҳамда ишда бевосита манфаати мавжуд бўлган шахслар мазкур ҳуқуқдан фойдаланишлари мумкин. Адвокатлар ва ҳимоячилар бу ҳуқуқдан ишончнома ёки суд томонидан берилган ваколатга асосан фойдаланадилар.

Суд ҳужжатларидан нусха олиш учун шахс судга ёзма ариза билан мурожаат этади. Аризада ариза берувчининг тўлиқ исми-шарифи, суд ишининг номи ва рақами, нусха олиш исталган ҳужжатлар рўйхати ҳамда уларнинг қай тарзда – қоғоз шаклида ёки электрон форматда – тақдим этилиши лозимлиги кўрсатилади. Шунингдек, ариза берилган сана ва имзо ҳам кўрсатилиши талаб этилади. Аризалар суд девонхонаси томонидан қабул қилинади ва тегишли тартибда суд архиви мудирига юборилади. Архив мудири томонидан ариза кўриб чиқилади ва унда белгиланган талаблар асосли деб топилган тақдирда, нусха бериш тўғрисида қарор қабул қилинади. Агар мурожаат этувчи шахснинг бундай ҳуқуқи мавжуд бўлмаса, ариза рад этилади.

Суд ҳужжатларининг нусхалари расмийлаштирилган ҳолда, яъни суднинг расмий муҳри билан тасдиқланган тарзда тақдим этилади. Агар нусхалар электрон шаклда сўралган бўлса, улар Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган махсус электрон тизимлар – Е-sud платформаси ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юборилади. Нусха олиш учун белгиланган давлат божи ёки йиғим мавжуд бўлса, уларни тўлаш нусха беришнинг мажбурий шарти ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январдаги 600-сонли “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуни асосий ҳуқуқий манба ҳисобланади. Мазкур Қонуннинг 31-бандига мувофиқ, суд ҳужжатларининг – жумладан, ҳукмлар, қарорлар, ажримлар ва бошқа ҳужжатлар – дубликатлари ва кўчирма нусхаларини бериш учун, шунингдек, тарафларнинг ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосига кўра иш материалларидан ҳужжатлар нусхасини бериш учун, ҳужжатнинг ҳар бир саҳифаси учун Базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 2 фоизи миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланган.

Нусха бериш муддати ҳам қонунчиликда белгиланган. Амалиётда суд архивида сақланаётган ҳужжатлардан нусха тайёрлаш 3 иш кунидан 10 иш кунигача бўлган муддатда амалга оширилади. Бироқ, иш ҳажми катта бўлган ҳолларда ушбу муддат узайтирилиши мумкин. Бу ҳолат суд органининг иш юки, техник имкониятлар ва бошқа ташкилий омиллар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, фуқароларнинг суд ҳужжатларидан нусха олиш ҳуқуқи – уларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим воситалардан бири бўлиб, унинг амалга оширилиши учун белгиланган тартибга риоя қилиш зарур. Мазкур жараён фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, шунингдек, суд фаолиятида ошкоралик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.

З.Атаджанова, Хоразм вилоят суди архив мудири

Мавзуга оид